Andijon shaxar,
Chinobod ko`cha №21

0(374) 226 19 44
andijon-don@mail.ru

Ёшлар тарбиясига ким масъул?

Ёшлар тарбиясига ким масъул?

 12Ҳар бир тарихий давр инсон маънавий камолоти, ёшлар тарбияси борасида янгидан-янги мураккаб масалаларни кўндаланг қўяверади. 

 

Ҳозирги ички ва ташқи таҳдидларга бой, ўта шиддатли ва мураккаб бир замонда тарбия масаласи янада долзарблик касб этмоқда. Дунёда ҳеч бир бола онасидан туғилибоқ ёвуз ёки жиноятчи бўлмайди. Унга етарли таълим-тарбия, эътибор берилмаганидан ёхуд бола онгида маънавий бўшлиқ пайдо бўлишидан ҳосил бўлади.

 

 

Фарзанд тарбияси борасида улуғ донишманд бобокалонимиз Жалолиддин Румий шундай дейди:

 Бас, ниҳол экдингми, бергил сувни ҳам,

 Бас, тугун ечдингми, очгил, муҳтарам.

 Яъниким, эй, азиз инсон! Ҳиммат қилиб ниҳол ўтказдингми энди ғайратингни сусайтирма. Парваришини чиройли давом эттириб, хайрли мевасини ўзгаларга кўрсат ва бахш эт. Барчанинг кўз ўнгида ўзингни эр билиб тугунни ечдинг, энди ичида нималар борлигини бир-бир намойиш қил.

 Фарзанд тарбияси ҳам гўё ниҳол парваришидек нозик. Киши оила қуриб, фарзандли бўлдими, унинг келажаги тўғрисида қайғуриши шарт. Болани нафақат моддий (емаги, кийим-кечаги, дори-дармони ва ҳок.) таъминлаш, унга таълим-тарбия, меҳр бериши, турли ёт ғоялардан сақлаши ота-онанинг энг асосий вазифаси ҳисобланади. Чунки фарзанд катта бўлганда ота-онага ё раҳмат эшиттирадиган комил инсон бўлади, ё ғам-ташвиш келтирадиган нокас кимсага айланади.

 Шу боис бола тарбиясига туғилмасиданоқ эътибор қаратиш керак. Қадимда фарзанд кутаётган оилаларда бўлажак она фақат чиройли нарсаларга назар ташлаб, ҳаром ва хунук нарсаларга қарашдан ўзини сақлаган. Оилада эзгу ўй-фикрлар айтилган, Қуръон зикр қилинган, аёлнинг олдида овоз кўтариб гапирилмаган, емак-ичмагига ва ҳалоллигига алоҳида эътибор қаратилган. Оилада фарзанд туғилганидан бошлаб ҳам она, ҳам бола парваришига юксак масъулият билан ёндашилган.

Ҳозир ҳам кўпгина оилаларда она ва бола парвариши, тарбияси кўпчиликнинг диққат марказида. Барча шароитлар – муҳайё. Шундай бўлса-да, нега ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик содир этилмоқда, деган ҳақли савол кишини ўйлантиради.

 Нега ёшлар ўртасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолати тобора ёшариб бормоқда? Нима учун ёшлар эрта балоғатга етмоқда? Оилавий ажримлар бола руҳиятига ўз таъсирини ўтказмаяптими?! “Оммавий маданият”нинг кўриниш ва иллатларидан биринчи навбатда ким сақлаши керак?! Эрта турмуш ва унинг салбий оқибатларига ким сабабчи? Ёшларнинг одам савдоси қурбони бўлишида ёхуд ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишида энг аввало ким айбдор? Бола ва унинг тарбияси, бандлигини кун давомида аввало ким назорат қилиши керак: ота-онами, мактабдаги устозларми, қўшниларми, ёки маҳалла посбоними? Интернетдаги назоратни-чи? каби саволлар кўпчиликни чуқур ўйга толдириши табиий.

 Шу каби долзарб саволларга жавоб излаш, муаммоларнинг асл моҳияти ва келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази “Хонадоннинг маънавий қиёфаси”ни ўрганиш бўйича олтита вилоят кесимида сўровнома ўтказди.

 Сўровнома 22 та саволдан иборат бўлиб, шулардан биттасида “Ота-оналарнинг фарзандига яхши тарбия бериши учун нима ҳалақит беряпти, деб ўйлайсиз?”, деган савол қўйилган. Мазкур саволга ота-оналарнинг вақти йўқлиги, атроф-муҳитнинг ёмон таъсири, молиявий етишмовчилик, мактабдаги ишларнинг ёмонлиги, ота-оналар тарбия беришни билмаслиги, деб жавоб берилган.

 Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг 16 та туманидан 229 минг 352 нафар аҳолининг кўпчилиги фарзанд тарбиясидаги муаммоларга асосан ота-оналарнинг фарзандлари билан шуғулланиши учун вақти камлигини, 20 фоиздан кўпроғи молиявий етишмовчиликларни сабаб қилиб кўрсатган. Хоразм вилоятида ўтказилган сўровларда иштирок этганларнинг 74,5 фоизи ҳам фарзанд тарбиясидаги муаммолар асосан ота-оналарнинг фарзандлари билан шуғулланиш учун вақти камлигини, 18 фоиздан кўпроғи молиявий етишмовчиликларни сабаб қилиб кўрсатган.

 Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Наманган вилоятларида ҳам кўпчилик аҳоли вакиллари ота-оналарнинг фарзандлари билан шуғулланиш учун вақти камлигини асосий омил деб жавоб берган. Навоий вилоятида сўровномада иштирок этганларнинг 60 фоиздан зиёди ота-оналар фарзандни тарбиялаш методларини билмайди ва тарбиядаги оиланинг масъулиятини англамайди, деб жавоб берган.

 Наманган вилоятида ўтказилган сўровномада 770 та маҳалланинг 82,1 фоиз хонадони вакиллари иштирок этди. Ёшлар тарбияси бўйича муаммолар сабабини одамлар нотўғри талқин қилиши аниқланди. Яъни сўралганларнинг 26 фоизи фарзанд тарбиясини молиявий масалада, атроф-муҳит ёмон таъсир қилаётганида, деб қайд этган.

 Ўрганишлардан маълум бўлмоқдаки, ота-оналар фарзандни дунёга келтириб, унинг тарбияси билан шуғулланишга вақти йўқлиги ёшлар масаласидаги муаммоларнинг асосий сабабчиси экан. Ҳамма нарсага топилган вақт фарзанд тарбиясига келганда топилмай қолаётган экан. Ваҳоланки, бола аввало, тарбияни ўз оиласидан олади.

 Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил Сочи шаҳрида бўлиб ўтган саммитдаги маърузасида “Ўсиб келаётган авлод айнан оилада маънавий-ахлоқий тарбия олади, масъулиятли бўлишни ва лоқайд бўлмасликни ўрганади”, деган эди.

 Тинч ва фаровон мамлакатимизда барча ислоҳотлар инсон ва унинг манфаати учун амалга оширилмоқда. Болага етарли тарбия беришда молиявий етишмовчиликни сабаб қилиб кўрсатиш ҳам нотўғри. Чунки, Иккинчи жаҳон уриши даврида ҳам, қаҳатчилик пайтида ҳам ёшларнинг тарбияси билан боғлиқ муаммолар бу даражада бўлмаган.

 Донишмандларнинг таъкидлашича, гоҳо қийинчилик, йўқчилик одамларни бирлаштирар экан, тўқлик эса узоқлаштирар экан. Айрим хонадон вакиллари ўз боласини қўшимча таълим олишига (репититор) балки моддий таъминлай олмаётгандир, лекин болани тарбиялашда ота-оналар тўғри усуллардан фойдалана билиши керак. Баъзи хонадонларда ота-оналар оила масъулиятини етарлича англамаганликлари учун ҳам оилада тарбия сусайганлигини кузатиш мумкин.

 Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, айрим ўзбек оилаларида шарқона тарбиянинг етишмаётганлиги, ёшларнинг турли кўнгилхушликларга берилиши, оилада шаклланган носоғлом маънавий муҳит, ота-оналар ўз боласига тарбия беришни билмаслиги (бефарқлик, лоқайдлик, ёки ўта қаттиққўллик), етарлича вақт ажратмаслиги ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. “Ўз болангни ўзинг асра!” чақириғига ҳар бир ота-она янада масъулият билан ёндашиши керак. Зеро, барча ота-оналар фарзанди баркамол, қалби ва руҳияти қусур, иллатлардан фориғ бўлишини, келажакда ўз ўрнини топишини истайди. Бу истакни амалга оширишда албатта ўзлари ҳар томонлама ибрат-намуна, жигаргўшасига эътиборли бўлишлари шарт.

 Малика Абдуҳакимова,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази бош мутахассиси

 ЎзА