Andijon shaxar,
Chinobod ko`cha №21

0(374) 226 19 44
andijon-don@mail.ru

Бу йилги сайловда хориждаги барча Ўзбекистон фуқаролари иштирок этади

|

Бу йилги сайловда хориждаги барча Ўзбекистон фуқаролари иштирок этади

 Илгари хориждаги сайловчилар рўйхатига фақатгина консуллик рўйхатига кирган фуқаролар киритилган, бу эса, кўплаб юртдошларимиз сайлов жараёнларидан четда қолганини англатади. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этишга доир конституциявий ҳуқуқи мустаҳкамланган.

 Бу ҳуқуқ яшаш жойидан қатъий назар ҳар бир Ўзбекистон Республикаси фуқаросига тегишлидир.

 

 Маълумки, бугунги кунда миллионлаб ватандошларимиз хорижий давлатларда иш, таълим, даволаниш ва бошқа оилавий ва хизмат сабаблари туфайли чет элда истиқомат қилмоқда.

 Илгари хориждаги сайловчилар рўйхатига фақатгина консуллик рўйхатига кирган фуқаролар киритилган. Бу эса, кўплаб юртдошларимиз сайлов жараёнларидан четда қолганини англатади.

 Бу йил эса барча фуқаролар, шу жумладан, хориждаги барча Ўзбекистон фуқаролари иштирок этиши учун шароит яратилади.

 Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Маҳмуд Истамов қуйидагиларни гапириб берди:

 – Хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайловга оид конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан тегишли Низом ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

 Айтиб ўтиш керакки, хорижий давлатлардаги фуқароларнинг сайловда иштироки бўйича ЕХҲТнинг Демократик институтлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш бўйича миссиялари ҳам бир қатор фикрлар ва тавсияларини билдирган.

 Хусусан, Бюро миссиясининг 2014, 2015 ва 2016 йилларда бўлиб ўтган сайловларни кузатиш бўйича хулосаларида Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бир неча миллион фуқаролар борлиги ва уларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари етарли эмаслигини таъкидланган. Хориждаги фуқаролар ҳам сайлаш ҳуқуқларидан кенг фойдаланишлари учун қонунчиликка мувофиқ етарли даражада шароит яратиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилган.

 Биз, албатта, бу тавсияларни асосли, деб топдик ва қабул қилдик.

 Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом илк бор ишлаб чиқилди.

 Низомда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайловларида хориждаги сайлов участкалари Марказий сайлов комиссияси томонидан Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда тегишли сайлов округига бириктириш белгиланди.

 Аввалги амалиётда Қонунчилик палатаси сайловида ҳам хориждаги сайлов участкалари ҳам Ташқи ишлар вазирлиги жойлашган ҳудуддаги сайлов округига – Темирйўлчилар сайлов округи бириктирилар эди. Бу эса, сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши, қоида тариқасида, ўн фоиздан ошмаслиги керак, деган қоидани бузишга олиб келиши мумкин.

 

Шунинг учун ҳам хорижий сайлов участкаларини битта округга бириктириш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилди.

 

Аввалги амалиётда, хориждаги сайловчилар рўйхатига фақатгина консуллик рўйхатига кирган фуқаролар киритилар эди.

 

Масалан 2014 йилги парламент сайловларида 13 минг 280 нафар фуқаро сайловчилар рўйхатига киритилган.

 

Янги Низомга мувофиқ эса хориждаги сайлов участкалари бўйича сайловчиларнинг рўйхатлари дипломатик ваколатхона ёки консуллик муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

 

Шунинг учун фуқаролар хориждаги участка сайлов комиссиясига ёзма шаклда ёки Ташқи ишлар вазирлиги расмий веб-сайти орқали электрон шаклда хориждаги сайлов участкасининг сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатини бериши мумкин. Бу мурожаат сайловга ўн беш кун қолгунга қадар берилиши керак.

 

Бунинг учун улар исми-шарифи, туғилган санаси, Ўзбекистондаги охирги доимий яшаш манзили, чет давлатдаги яшаш манзили, боғланиш учун телефон рақамлари ва жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини кўрсатиши керак.

 

Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, сайловчилар рўйхатига қўшимча киритилган сайловчилар ҳақидаги маълумотларни умумлаштирган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим қилади. Яъни “фуқаро хорижда овоз берди”, деган ёзув киритилади. Бу билан “бир сайловчи – бир овоз” тамойилига амал қилинади.

 

Дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари хорижда яшаётган фуқароларни хориждаги сайлов участкаси тўғрисида, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги сайлов участкаси сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби ва муддатлари тўғрисида, муддатидан олдин овоз бериш кунлари ва сайлов куни тўғрисида оммавий ахборот воситалари ёки бошқа йўллар билан хабардор қилади.

 

Фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида сайлов қонунчилигидаги овоз беришнинг айрим турлари умумлаштирилди. Яъни, хорижда зич ҳолда яшайдиган ёки ишлайдиган сайловчиларга хориждаги сайлов участкасининг биносидан ташқарида кўчма сайлов қутиларидан фойдаланилган ҳолда турган жойида муддатидан олдин овоз бериш ташкил этилиши мумкин.

 

Сайловчиларнинг турган жойида муддатидан олдин овоз бериши хориждаги участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси иштирокида амалга оширилади ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади.

 

Низом билан жорий этилган янги қоидалар хорижда вақтинча ва доимий истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг сайловга оид конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш учун ҳуқуқий замин яратди.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА