Andijon shaxar,
Chinobod ko`cha №21

0(374) 226 19 44
andijon-don@mail.ru

Қишлоқ хўжалигида агрокимёвий хариталар ишлаб чиқишнинг аҳамияти ортмоқда

|

Қишлоқ хўжалигида агрокимёвий хариталар ишлаб чиқишнинг аҳамияти ортмоқда

 “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда минерал ўғитларга эҳтиёжни аниқлаш учун тупроқ агрокимёвий таҳлиллари асосида агрокимёвий хариталар ишлаб чиқишнинг аҳамиятига бағишланган брифинг ўтказилди.

 Унда соҳа мутахассислари томонидан бу борада олиб борилаётган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди. Илмий тадқиқотлар натижаларига кўра, минерал ўғитлардан доимий фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалик экинлари етиштириладиган майдонларда ҳар 4 йилда бир маротаба тупроқ агрокимё изланиш ишлари бажарилиб, агрокимёвий хариталар ишлаб чиқилиши белгиланган. Айнан агрокимёвий харита – суғориладиган экин ерлари тупроқларининг қишлоқ хўжалик экинлари учун зарур бўлган озуқа моддалари (ҳаракатчан фосфор, алмашувчан калий ва гумус) билан таъминланганлик ҳолатини белгиловчи ҳужжат ҳисобланади.

 

 

Мутахассисларнинг таъқидлашича, мамлакатимиз бўйича ҳар йили 30 фоизгача экин майдонида агрокимёвий харита тайёрлаш ва тупроқ ҳолатини инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалик экинларининг минерал ўғитларга бўлган илмий талабини ўрганиш имконияти мавжуд. Агрокимёвий харита ишлаб чиқиш учун 1 гектар ердан тупроқ намуналари олиш ва лаборатория таҳлиллари асосида хулосалар тайёрлашга талаб этиладиган маблағ 9 минг 960 сўмни ташкил этади.

 

Ўтказилган дала-кузатув тажрибаларига кўра, ўрта толали пахта навлари учун 1 тонна пахта ҳосили билан бирга тупроқдан 60 килограмм азот, 20 килограмм фосфор ва 50-60 килограмм калий ўзлаштирилиши аниқланган. Ингичка толали пахта ўрта толали пахта навига нисбатан 20-25 фоиз ортиқ озуқа моддалар ўзлаштиради.

 

– Суғориладиган экин майдонлари тупроқларида агрокимёвий лаборатория таҳлиллари асосида агрокимё хариталари тузиш ишлари охирги маротаба 1986 йилда ўтказилган, – деди Агрокимё станцияси директори Аслиддин Муҳиддинов. – Республиканинг 3 миллион 623,5 минг гектар суғориладиган экин ерларидан 25 фоизида ҳар йили тупроқ нинг таҳлил ишлари бажарилиши белгиланган. Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари билан ўзаро шартнома асосида йиллик 5-8 фоиз майдонда агрокимёвий хариталар ишланиб, шу маълумотлар асосида ўртача коэффициентларга қисман ўзгартиришлар киритилмоқда. Минерал ўғитларга бўлган илмий талаб ишлаб чиқилмоқда.

 

Агрокимё картограмма асосида қишлоқ хўжалик экинларига минерал ўғитлар киритилмаслиги оқибатида тупроқ унумдорлиги ва экинлар ҳосилдорлиги пасайиб, етиштирилган махсулот сифати ёмонлашиб, атроф-муҳит ифлосланиши ортмоқда. 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра умумий суғориладиган экин ерларидаги тупроқларнинг озуқа моддалари билан таъминланганлик даражаси ўртачадан паст ҳолда қолмоқда.

 

  Тадбирда соҳа мутахассислари агрокимёвий хариталар ишлаб чиқиш тизимини йўлга қўйиш бўйича таклифларини айтди. Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида “Агрокимёвий таҳлил маркази”ни ташкил қилиш зарур. Мазкур марказ ва унинг филиалларида тупроқ, минерал ўғит, токсикологик ва радиологик кузатув-таҳлил лабораториялари фаолият кўрсатиши керак. Қишлоқ хўжалигига етказиб берилаётган минерал ўғитлар сифати доимий назоратда бўлиши ҳам ҳосил унумдорлиги ва сифатини таъминлашга хизмат қилади.

 

Мутахассислар фикрича, экинлар пишиб етилиш даврида дала шароитида намуналар олиб, таркибидаги пестицид, нитрат ва оғир металл тузлари қолдиқларини аниқлаш учун лаборатория таҳлилларини ўтказиш мақсадга мувофиқ. Шу асосда савдога чиқариш, қайта ишлаш ва омборга киритишдан олдин хавфсизлик гувоҳномалари бериш тизимини йўлга қўйиш зарур.

 

Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА