Andijon shaxar,
Chinobod ko`cha №21

0(374) 226 19 44
andijon-don@mail.ru

TИББИЁТ ХОДИМЛАРИ АНДИЖОНЧА ШАРАФЛАНДИ

|

TИББИЁТ ХОДИМЛАРИ АНДИЖОНЧА ШАРАФЛАНДИ

 Мамлакатимизда   ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимларининг касб байрами куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Бу йилги шифокорлар байрами Андижон вилоятида ўзгача кайфиятда нишонланди. Андижоннинг энг мусаффо ва бетакрор, табиат мўжизаси ҳисобланган яшил шаҳар- Хонободнинг Хонтоғида жойлашган Хонобод сиҳатгоҳида тиббиёт ходимларини шарафлаш тантаналари бўлиб ўтди.

 

Тиббиёт соҳасида самарали меҳнат қилаётган 500 нафардан зиёд халқимиз саломатлиги посбонлари яшил салтанатда  дам олиб ҳордиқ чиқаришлари учун алоҳида эътибор қаратилди. Шанба кунининг  иккинчи ярмида Хонтоғда бунёд этилаётган дала-ҳовлилар, Оловиддин оромгоҳи ва Хонобод санаториясига жойлашган шифокорлар кечга қадар мириқиб хордиқ чиқардилар. Шифокорлар учун икки кун давомида ҳазил-мутойибага бой кўнгилочар тадбирлар, концерт дастурлари, спорт мусобақалари  ташкил этилди.

Дарҳақиқат, Хонободда   ўтказилган бу галги байрам тадбири ҳар йилгидан-да кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Унда шифокорлар, ҳамширалар, давлат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик, ОАВлари вакиллари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этдилар.

 Тадбирнинг тантанали қисмида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Президентимиз табригида таъкидланганидек, тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун аҳолимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъмат. Фақат соғлом инсон ва халқ мислсиз ишларга қодир бўлади.

Шу маънода, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга, уларнинг ҳаётдан, бугунги давр ислоҳотларидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, вилоят раҳбари  шарафли ва масъулиятли касб эгаларига ўз эзгу тилакларини билдирди. Инсон саломатлигини сақлаш соҳасига давлат даражасида эътибор берилаётгани факт ва рақамларда ифодаланди. Жумладан, жорий йилнинг ўзида 20 та муассасада 88 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Маҳаллий бюджетдан 700 нафар имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари, 800 нафарига таянч-ҳаракатланиш ва эшитиш воситалари берилди. 2100 нафар фахрий ва ногиронлар сиҳатгоҳларга имтиёзли йўлланмалар билан таъминланди. Вилоят аҳолисининг 99 фоизи патронаж хизмати билан қамраб олинди. 1432 нафар мутахассис шифокорлар малака ошириб қайтдилар, шундан 31 нафар шифокорлар етакчи хорижий мамлакатларда тажриба алмашдилар. Буларнинг замирида – халқ тиббиётдан рози бўлса, давлатдан рози бўлади, деган ғоя ётади.

Сана муносабати билан Президент фармонига кўра бир гуруҳ тиббиёт ходимлари давлат мукофотларига сазовор бўлган. Шулардан тўрт нафари вилоятимиз тиббиётининг жонкуярлари Андижон давлат тиббиёт институти кафедра мудири, профессор, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Зуҳриддин Салоҳиддинов, онкология диспансери маслаҳатчиси Валерий Исакович Багдасаров, Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси бош шифокори Баҳодиржон Раҳмонов ва “Соғлом турмуш” хусусий клиникаси бош шифокори Шукурулло Жалиловлар давлат мукофотлари билан тантанали равишда тақдирландилар. Шунингдек, соҳа илғорларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Бундан ташқари Пахтаобод туманидаги Озод қишлоқ врачлик пунктига тез тиббий ёрдам автомашинаси совға қилинди. 

Андижоннинг эрка шоир ўғли, Ватан куйчиси Шарофиддин Болтабоевга  юртни мадҳ этувчи шеърлари учун вилоят ҳокимининг қимматбаҳо совғаси,  енгил автомашина  топширилди. Тантанали тадбирда санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.