Андижон шахар,,
Чинобод кўча №21

0 (374) 226 19 44
anddon@mail.ru

Бош сахифа

Қишлоқ хўжалик соҳасида ихтисослаштириш ўз самарасини беради...

Қишлоқ хўжалик соҳасида ихтисослаштириш ўз самарасини беради...

Ерни боқсанг, ер сени, оилангни, бутун юртни боқади. Бу ҳар қадамда исботини топаётган ҳақиқат.

 

Президентимизнинг жорий йил 11 майдаги “Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ердан, томорқадан унумли фойдаланиш ишларини янада юқори босқичга кўтаришда муҳим учун янги қадам бўлди.

 

Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида экин майдонларини кенгайтириш ишлари анчагина илгарилади. Туманларни мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш, маҳсулот етиштирувчиларни мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда кооперацияларга бирлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

 

Жаҳон бозори талабларига жавоб бера оладиган рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳудудларни ихтисослаштириш оқилона эканлиги бугун яққол исботини топаётир. Шунинг учун ҳам бу йўналишдаги вазифалар сезиларли даражада ортмоқда.

 

Соҳада тизимли ишлар жадаллик билан олиб борилаётган бўлса-да, вилоятларда ҳудудларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишда бир қадар сусткашлик кўзга ташланади. Давлатимиз раҳбари ана шу камчиликлардан келиб чиқиб эксперимент тариқасида 2020-2022 йиллар давомида Жиззах вилоятининг жами 116,3 минг гектар қўшимча ер майдонларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш ташаббусини илгари сурди. Бу борада аниқ таклиф ва долзарб вазифаларни белгилаб берди.

 

Тўғри, мазкур йўналишда ишлар анча аввалроқ бошланган эди. Масалан, Андижон вилоятида ихтисослашув тизимли йўлга қўйилмоқда. Йилдан-йилга экин майдонларида сабзавотчилик, полизчиликка ихтисослашув босқичма-босқич кенгайтирилмоқда. Мисол тариқасида вилоятнинг Асака туманини олайлик. Айни вақтда тумандаги асосан интенсив боғдорчилик ва сабзавотчиликка ихтисослашув ўзини оқламоқда. Албатта, ер майдонлари ихтисослашувидан келиб чиқиб танланган ушбу экинлар ҳозирда устувор равишда рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига айланиб улгурган. Уларни етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш жараёни ҳам инновацион ва ресурстежамкор технологияларни қўллаш орқали юзага чиқмоқда.

 

Ташаббускор деҳқонлар, ер эгалари ва фермерлар янги-янги ғояларни таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, айтайлик, бошқа туманларда ҳам тупроғининг унумдорлиги, ернинг ҳолати, сув масалалари бўйича меъёрлари ҳисобга олиниб, ихтисослашув ташкил этилмоқда.

 

Улуғнор тумани вилоятнинг чекка ҳудуди. Тан олиш керак, саноатлашув бўйича муаммолари етарли. Бироқ бугун бу ерда вилоят ҳокими ташаббуси билан Андижон балиқчиликка ихтисослашган кластерлар фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 100 гектар майдонда интенсив усулда балиқ етиштириш ишлари бошлаб юборилган. Дастлаб мавжуд ерлар ҳолати ўрганилиб, белгиланган ҳудудлар ажратилди. Ушбу майдонни балиқчиликка мослаштириш, сув чиқариш ва электр тармоғини тортиб келиш мақсадида симёғочлар ўрнатиш ишлари амалга оширилди. Бу ҳам ердан унумли фойдаланиш, шу билан бирга ҳудуддаги аҳолини иш билан таъминлаш ва оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадларига хизмат қилади.

 

Эндиликда Жиззах вилоятида ҳам бу каби ишлар юқори босқичга кўтарилиши кўзда тутилмоқда. Ихтисослаштирилаётган ҳудудларда яхлитликка жиддий эътибор қаратган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларининг турларига қараб плантация шаклида экспортбоп экин турларини жойлаштириш ва етиштиришда тегишли вазифалар белгиланди. Масалан, Президентимиз қайд этганидек, Зомин туманида сув таъминоти ва инфратузилмаси мавжуд. Денгиз сатҳидан 1-1,5 минг метр баландликда бўлган Қорамозор ҳудудидан 20 гектар ер майдонида сабзавот, полиз экинлари ва картошка етиштириш имкони бор. Шунинг учун мазкур ер майдони айни мақсад учун илмий-тадқиқот институти балансига ўтказилиши мақсадга мувофиқ. Бу билан фойдаланилмай турган ердан самарали фойдаланиш йўлга қўйилади. Шу билан бирга соҳада илмий изланишлар ўтказилиши учун қулайликлар яратилади.

 

Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб негизида барча соҳаларда бўлгани каби инсон манфаатлари мужассам. Айниқса, кейинги синовли даврлар бу ҳақиқатни яна бир бор исбот этди. Карантин вақтида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши, экспортга ҳам етказиб бера олиш салоҳияти бу йўналишда яна кўплаб ислоҳотларни жорий этишни талаб қилди. Мазкур қарорда биргина Жиззах вилояти мисолида вазифалар белгилангани билан аслида барча вилоятлар учун ҳам бу борада амалга оширилиши зарур ишлар юзасидан топшириқлар белгилаб берилди.

 

Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

ЎзА

 

Категория: